Канн Халқаро фестивали доирасида Ўзбекистон павильони ўз эшикларини очди

Жорий йилнинг 8-19 май кунлари Франциянинг Круазет соҳили бўйида ташкил этилаётган 71-Канн халқаро кинофестивали доирасида илк бора Ўзбекистон павильони ташкил этилди.

Дунёнинг 58 та мамлакати миллий павильонлари қаторидан жой олган ўзбек павильони 8 май куни ўз эшикларини дунёнинг барча мамлакатларидан ташриф буюрган кино вакилларига очди.

Эслатиб ўтамиз, ўзбек миллий павильони Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан ташкил этилмоқда.

Ҳамдардлик билдирамиз

Кинематографияни ривожлантириш маркази устоз режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ҳамда яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради. 

Рашид Маликовнинг “Сабот”и Москва халқаро фестивалида иштирок этмоқда

Айни кунларда дунёнинг энг нуфузли кинофестивалларидан бири ҳисобланган “А” категориядаги 40-Москва Халқаро Кинофестивали бўлиб ўтмоқда.

Аввал ҳам хабар берганимиздек, мазкур фестивалнинг Асосий дастуридан ўзбекистонлик режиссёр Рашид Маликовнинг “Сабот” фильми ҳам ўрин олган.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига асосан суратга олинган мазкур фильм Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан Москва халқаро кинофестивалига тақдим этилган эди.

Шунингдек, “Сабот” юртимизнинг 71-Канн халқаро кинофестивали доирасида ташкил этиладиган павильонида ҳам дунё мутахассислари эътиборига ҳавола этилади.

Устоз режиссёр Рашид Маликовга кинофестивалда улкан ютуқ тилаб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, “Сабот” айнан ҳаётий воқеалар, инсоннинг бардоши, қадри, орияти ҳақида сўзловчи фильм бўлиб, унда бош ролларни Ўзбекистоннинг машҳур актёрлари Карим Мирходиев, Сейдулла Молдаханов, Беҳзод Ҳамраев, Нигора Каримбоева, Зулхумор Мўминова ижро этишган.

“SCORPION” режиссёри Ўзбекистон ёшлар иттифоқига ишонч ва имконият учун миннатдорчилик билдирди

Шу йилнинг октябрь ойида экран юзини кўриши режалаштирилган “SCORPION” бадиий фильмнинг суратга олиш ишлари айни дамда Марокаш давлати ҳудудида бўлиб ўтмоқда.

Кино дунёсининг маҳоратли ижодкорларини бир ерда жамлаган мазкур фильм режиссёри Мухлиса Азизова ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида шундай қайд қолдирган: “Ўзбекистон ёшлар иттифоқига билдирилган ишонч ҳамда Марокаш, яъни кинематография ривожлантирилган давлатлардан бирида суратга олиш ишларини олиб боришга берилган имконият учун катта раҳмат”.

Режиссёр "SCORPION" жамоасини “орзудаги жамоа” деб атаган.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, Марокаш дунёнинг энг машҳур картиналари суратга олинган мамлакат ҳисобланади. Жумладан, шу кунгача бу ерда “Жеймс Бонд” (“James Bond”), “Жейсон Борн” (“Jason Bourne”), “Миссия невыполнима” (Mission: Impossible), “Заложница” (“Taken”), “Принц Персии: Пески времени” (“Prince of Persia: The Sands of Time) ва бошқа яна кўплаб машҳур фильмлар суратга олинган. 

“SCORPION” бадиий фильмининг Марокашдаги блоги учун 10 нафардан ортиқ марокашлик машҳур актёрлар, жами бўлиб 40 кишилик ижодий гуруҳ суратга олиш майдонида ишлаяпти. Оммавий саҳналарга эса 200 киши жалб этилган. Фильмда бирорта ҳам тасодифий кадр йўқ, оммавий саҳналар ҳам махсус амалга оширилмоқда.

Марокаш полицияси суратга олиш майдонидаги хавфсизликни тўлиқ таъминлаш учун жалб этилган. Аэропорт, темир йўл вокзали, Марракеш шаҳрининг “эски шаҳар” қисмида йирик масштабдаги суратга олиш ишлари давом этяпти. 

Қайд этиш лозимки, суратга олиш ишлари Ўзбекистон кинокомиссиясининг бевосита кўмаги ҳамда Марокашнинг машҳур кинокомпанияси “Magic production” ҳамкорлигида бўлиб ўтмоқда. 

“SCORPION” фильмининг суратга олиш ишлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида давом этади.

Янги ташкил этилган Республика кинопрокат марказига раҳбар тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 апрелдаги "Республикада ягона репертуар сиёсати юритилишини таъминлашга йўналтирилган республика кинопрокат тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Республика кинопрокат маркази ташкил этилган эди.

"Ўзбеккино" Миллий агентлигининг хабар беришича, мазкур марказга Мухтаров Маъруфжон Мардонкулович раҳбар этиб тайинланган. М.Мухтаров айни дамда Кинематографияни ривожлантириш маркази директори вазифасини бажариб келмоқда.

Республика кинопрокат маркази Ўзбекистон Республикасида ягона репертуар сиёсатининг юритилишини таъминлаш бўйича иш олиб боради.

Батафсил: http://uzbekkino.uz/uz/press_center/news/yangi-tashkil-etilgan-respublika-kinoprokat-markazi-ga-rahbar-tayinlandi/