• Bosh sahifa
  • Yangiliklar
  • “SCORPION” режиссёри Ўзбекистон ёшлар иттифоқига ишонч ва имконият учун миннатдорчилик билдирди

“SCORPION” режиссёри Ўзбекистон ёшлар иттифоқига ишонч ва имконият учун миннатдорчилик билдирди

Шу йилнинг октябрь ойида экран юзини кўриши режалаштирилган “SCORPION” бадиий фильмнинг суратга олиш ишлари айни дамда Марокаш давлати ҳудудида бўлиб ўтмоқда.

Кино дунёсининг маҳоратли ижодкорларини бир ерда жамлаган мазкур фильм режиссёри Мухлиса Азизова ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида шундай қайд қолдирган: “Ўзбекистон ёшлар иттифоқига билдирилган ишонч ҳамда Марокаш, яъни кинематография ривожлантирилган давлатлардан бирида суратга олиш ишларини олиб боришга берилган имконият учун катта раҳмат”.

Режиссёр "SCORPION" жамоасини “орзудаги жамоа” деб атаган.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, Марокаш дунёнинг энг машҳур картиналари суратга олинган мамлакат ҳисобланади. Жумладан, шу кунгача бу ерда “Жеймс Бонд” (“James Bond”), “Жейсон Борн” (“Jason Bourne”), “Миссия невыполнима” (Mission: Impossible), “Заложница” (“Taken”), “Принц Персии: Пески времени” (“Prince of Persia: The Sands of Time) ва бошқа яна кўплаб машҳур фильмлар суратга олинган. 

“SCORPION” бадиий фильмининг Марокашдаги блоги учун 10 нафардан ортиқ марокашлик машҳур актёрлар, жами бўлиб 40 кишилик ижодий гуруҳ суратга олиш майдонида ишлаяпти. Оммавий саҳналарга эса 200 киши жалб этилган. Фильмда бирорта ҳам тасодифий кадр йўқ, оммавий саҳналар ҳам махсус амалга оширилмоқда.

Марокаш полицияси суратга олиш майдонидаги хавфсизликни тўлиқ таъминлаш учун жалб этилган. Аэропорт, темир йўл вокзали, Марракеш шаҳрининг “эски шаҳар” қисмида йирик масштабдаги суратга олиш ишлари давом этяпти. 

Қайд этиш лозимки, суратга олиш ишлари Ўзбекистон кинокомиссиясининг бевосита кўмаги ҳамда Марокашнинг машҳур кинокомпанияси “Magic production” ҳамкорлигида бўлиб ўтмоқда. 

“SCORPION” фильмининг суратга олиш ишлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида давом этади.