“SCORPION” триллери ўзбек киносида янги даврни бошлаб беради

Бир қатор хорижлик мутахассисларни жалб этган янги ўзбек фильми “SCORPION” ижодий
гуруҳи суратга олиш ишларини бошлаш арафасида

2018 йилнинг 12 февраль куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Кинематографияни ривожлантириш марказининг қўшма қарори имзоланди. Мазкур қарорга мувофиқ ўзбекистонлик ёш киноижодкорлар томонидан ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган“SCORPION” тўлиқ метражли бадиий фильм суратга олиниб, уни кенг намойиши қўллаб-қувватланади.

Фильмнинг суратга олиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий гвардияси кўмагида Тошкент ва Бухоро шаҳарларида, шунингдек Россия ва Марокаш давлатларида бўлиб ўтади.

Шу йилнинг 16 февраль куни фильм оператори Макс Тцуи (Германия) ҳамда бошқа хорижий киноижодкорлар суратга олиш ишларини бошлаш учун Тошкент шаҳрига етиб келишди.

Макс Ўзбекистоннинг қадимий шаҳри Бухоро ҳақидаги “Welcome to Bukhara” видео-ролигига ҳам операторлик қилган.

Айни кунларда фильм режиссёри Мухлиса Азизова ижодий гурух билан фильм лойиҳаси устида қизғин иш олиб бормоқда.

Лойиҳа ҳақидаги ахборотлар давомий бериб борилади.

Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлиги кино соҳасида ҳам ривожланмоқда

2018 йилнинг 17 февраль куни “Ўзбекистон-Россия ёшлар форуми” делегатлари ўзбек кино оламида содир бўлаётган янгиликлардан бохабар бўлиш, ўзбекистонлик ёш киноижодкорларга яратилаётган имкониятлар билан яқиндан танишиш мақсадида Кинематографияни ривожлантириш марказига ташриф буюришди.

Уларни марказ директори  Маъруфжон Мухторов ҳамда Ёш киноижодкорлар кенгаши раиси Ойбек Абдушукуров кутиб олди. Марказ ҳамда Кенгаш фаолияти ҳақида делегация аъзоларига атрофлича ахборот берилгандан сўнг ҳар икки мамлакат ёшлари самимий мулоқотга киришдилар.

Бу ерда россиялик меҳмонларга Кинематографияни ривожлантириш маркази кўмагида суратга олинган, ¨PROlogue-2017”фестивалининг бош совринига сазовор бўлган “У” (режиссёр: Мухлиса Азизова) қисқа метражли фильми ҳамда Ёш киноижодкорлар кенгашининг илк медиа маҳсулоти саналган “Welcome to Bukhara” имиджли промо-ролиги намойиш этилди.

Делегация аъзолари промо-ролик ҳамда қисқа метражли фильмнинг муваффақияти ҳақида сўзлаб, мазкур асарларни томоша қилгандан сўнг уларда Ўзбекистонга яна бир бор келиш нияти туғилганини таъкидлашди. 

Ташриф сўнгида Марказ ҳамда Кенгаш ходимлари меҳмонларга “PROlogue — 2017” фестивали журналини совға қилиб, октябрь ойида халқаро миқёсда ташкил этиладиган “PROlogue — 2018” кинофестивалига уларни таклиф этишди.

Тарихда илк бора Франциядаги 71-Канн Халқаро кинофестивалида “Uzbekistan” павильони ташкил этилади

2018 йилнинг 8-19 май кунлари Франциянинг машҳур Круазет соҳили бўйидаги Фестиваллар ва конгресслар саройида биринчи маротаба тақдим этиладиган юртимиз павильони Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамда Ёш киноижодкорлар кенгаши томонидан ташкил этилмоқда.

Бу бўйича Кинематографияни ривожлантириш маркази дунёнинг биринчи рақамли халқаро кинофестивали Канн кино бозори дирекцияси билан шартнома имзолади. Ҳар йили ташкил этиладиган кинобозор дунё кино саноатидаги асосий бизнес ва маданий воқеалардан бири ҳисобланади. Ўтган йилнинг ўзида мазкур тадбирда жаҳоннинг 118 мамлакатидан 12 мингдан ошиқ киши иштирок этган ва бу кўрсатгич йил сайин ортиб бормоқда. 

Павильон қатнашчилари кино бозорида турли мамлакатлардан ташриф буюрган меҳмонларга  Ўзбекистон киноижодкорларининг фильмлари ҳамда мамлакатимизнинг бой кино локация ҳақида маълумотларни тақдим этиб, республикамизнинг маданий ва маънавий қадриятлари билан уларни яқиндан таништирадилар. Шунингдек, у ерда 2018 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган, шу йилдан бошлаб халқаро кинофестиваль мақомини олган “PROlogue” тақдимоти ҳам ўтказилади.

Юртимиз павильони халқаро майдонда мамлакат имижини ошириш, келажакда республикамизнинг истеъдодли киноижодкорларини дунё миқёсида танитиш, Ўзбекистон кино санъатига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш, шу билан бирга “PROlogue – 2018” кинофестивалида кўплаб хорижий мутахассис ва киноижодкорларнинг иштирокини таъминлаш ҳамда давлатимизнинг туризм салоҳиятини янада оширишда катта аҳамият касб этади.

Қайд этиб ўтиш жоизки, мазкур воқеа ёшлар ташаббусининг Давлат Раҳбари томонидан қўллаб-қувватлаётганининг амалий ифодасидир.

“Art House” лойиҳаси – Жаҳонгир Қосимов курси бошланиш арафасида

2017 йилнинг сўнгида Ёш киноижодкорлар кенгаши томонидан ишга туширилган  “Art House” лойиҳасининг  навбатдаги бадиий раҳбари таниқли режиссёр Жаҳонгир Қосимовдир.

Устоз режиссёр курси учун танлов шу йилнинг 29-31 январь кунлари Кинематографияни ривожлантириш марказида бўлиб ўтди.

Жаҳонгир Қосимов бадиий раҳбарлигидаги курсда таҳсил олиш учун 100 нафардан ортиқ ёшлар ариза топширишган. Улардан энг иқтидорли 16 нафари лойиҳада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Ёш киноижодкорлар тўрт йўналиш бўйича лойиҳага танлаб олиниб, драматургия ва режиссура йўналишларида Жаҳонгир Қосимов, актёрлик маҳорати бўйича Карим Мирходиев, операторлик ишида эса Жасур Шаметовдан сабоқ олишади.

Эслатиб ўтамиз, “Art House” Кенгашнинг узлуксиз лойиҳаси ҳисобланиб, унинг биринчи фаслида ёшлар Ёлқин Тўйчиев (курснинг назарий машғулотлари якунланиб, ижодий жараён давом этмоқда), Жаҳонгир Қосимов, Рашид Маликов (русийзабон ёшлар учун), Аюб Шаҳобиддинов, Рустам Саъдиев бадиий раҳбарлик қилишади.

2018 йил сўнгида эса ҳар бир бадиий раҳбар қўл остидаги ёш киноижодкорлар томонидан яратилган қисқа метражли фильмлар турли номинацияларда тақдирланишади.

Буюклик – оддийликда

Мен, Пайзиева Юлдуз, бугунги ёшларга бўлган эътибор ва шароитлардан фойдаланмаслик, жуда катта хато бўлади, деб ҳисоблайман.

Биз, ўзбек ёшларини хориждаги тенгдошларимиздан кам эмаслигимиз “Аrt House” каби лойиҳаларда ўз исботини топади.

Россия телеканаллари орқали эфирга узатиладиган лойиҳаларни қизиқиш билан кузатиб борар, бизда ҳам шундай лойиҳалар бўлишини истар эдим.

Шу ниятларим бугун рўёбга чиқди. Лойиҳа учун танловдан ўтар эканман, кўп сонли тенгдошларимни кўриб, имтихондан ўта олмасам керак, деб ўйлар эдим. Бироқ, насиб этган экан, мана лойиҳада иштирок этяпман.  Шунингдек, ўзбек кинематографиясида ўзининг фалсафий қарашлари билан ном қозонган устоз – Ёлқин Тўйчиев бадиий раҳбарлигидаги гуруҳда эканимдан фахрланаман. Актёрлик маҳоратидан бизга таълим бераётган Дилмурод ака Масаидов бир гапни кўп такрорлайдилар: “Буюклик – оддийликда”.

Демакки, биз – ёш актёрлар ролларни кичик ё катта демай, тинимсиз меҳнат қилишимиз, юртимиз кино санъатини дунё миқёсига олиб чиқишга оз бўлсада ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак.

Ўтган давр мобайнида бизга актёрлик сирларини қунт ва сабр билан ўргатган Дилмурод Масаидовга улкан миннатдорчилигимни билдираман.

Биз ёшларга бераётган имконияти учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ёш киноижодкорлар кенгашига, шунингдек дарсларимизни сифатли ўтказишимиз, фильмлар томоша қилишимиз учун шароит яратиб берган Кинематографияни ривожлантириш марказига раҳмат айтамиз.