Эндиликда Ўзбекистонда суратга олинадиган хорижий фильмлар кинокомиссия орқали амалга оширилади

Ўзбек кинематографиясини янада ривожлантириш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Кинематографияни ривожлантириш маркази ва 

Ёш киноижодкорлар кенгаши қошида Ўзбекистонда кино туризмини ривожлантириш ҳамда хорижий  кинокомпанияларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмларни тасвирга олиш ишларида ташкилий ва ишлаб чиқариш-техник хизматларни кўрсатиш бўйича доимий фаолият юритадиган махсус ўзбек кинокомиссияси ташкил этилди.

Юқорида номлари келтирилган ташкилотлар бундан буён республика ҳудудида фильмларни тасвирга олиш учун хорижий кинокомпанияларни кенг жалб қилиш ҳамда уларга халқаро тажриба асосида киносервис хизматларини кўрсатиш бўйича ҳамкорлик қилишади.

Кинокомиссиянинг асосий вазифалари – хорижий инвесторларни Ўзбекистонга жалб этиш, мамлакатнинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликларини кенг тарғиб қилиш, хорижий кинокомпаниялар юртимиз ҳудудида қулай шароит яратиш, уларга ташкилий ва техник хизмат кўрсатиш, уларнинг маҳаллий киностудиялар билан ҳамкорликда фильмлар (копродукция) ишлаб чиқаришини ташкиллаштириш, Ўзбекистонда суратга олинаётган хорижий картиналарга маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш, республиканинг диққатга сазовор жойларида тасвирга олинган фильмларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш орқали мамлакатнинг туристик жозибадорлигини намоён қилиш ва кинотуризм соҳасини ривожлантиришдан иборатдир.

Ҳозирда кинокомиссиянинг сайти uzbekistanfilmcommission.com ишга туширилиб, унда юртимизнинг диққатга сазовор жойлари ҳамда комиссия томонидан кўрсатиладиган асосий хизматлар ҳақида ахборот акс эттирилган.

Кинокомиссиянинг фаолияти Ўзбекистонда янги иш ўринларини яратиш, инфраструктурани ривожлантириш, мамлакатга инвестиция жалб қилишга қаратилган.

Мазкур кинокомиссия шу йилнинг май ойида Францияда бўлиб ўтадиган 

71-Канн халқаро кинофестивали доирасидаги “Uzbekistan” павильонида тақдимот қилинади. 

Тез орада ўзбек кинокомиссиясининг штаб квартираси Лос-Анжелес шаҳрида жойлашган халқаро кинокомиссия асоциациясига аъзо бўлиш масаласи ҳал этилиши кутилмоқда.

Бу орқали юртимизга илғор хорижий кинокомпанияларнинг фильмларни суратга олишга бўлган қизиқишлари янада оширишга ҳамда улар иштирокида ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқаришни жадал йўлга қўйиш мақсад қилинган.

Мурат Йилдирим иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди

«SCORPION» фильми сиз азиз мухлисларни ёрқин съёмка жараёнлари, кутилган-кутилмаган “сюрпризлари” билан таништиришда давом этади

“Ёш кино ижодкорлар кенгаши” ҳамда Кинематографияни ривожлантириш маркази ёш, умидли кинорежиссёр Мухлиса Азизованинг «SCORPION» фильмида суратга тушиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган турк кино юлдузи, ўзбек кино мухлисларига “Осиё” телесериалидаги Демир роли билан танилган Мурат Йилдирим Бухородаги съёмка жараёнларини тугатиб, Тошкентга қайтди. Бугун у Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг Ёшлар Пресс клубида ТВ ҳамда ОАВ вакиллари билан матбуот анжумани ўтқазди. Журналистлар билан савол –жавобларга ҳозирланаётган актёрга, бир неча йиллар илгари турк телеканалларидан бирида шоумен бўлиб фаолият кўрсатгани қўл келди. Мурат Йилдирим саҳнада ўзини жуда эркин ва қулай сезаётгани, Ўзбекистонда ҳам унинг ижодига мухлис бўлганларнинг кўплиги ўзига ёқаётганини яширмади.

Бугунги матбуот анжумани жуда самимий ва эркин бир вазиятда ўтди. “Ўзбекистон билан, ўзбек мухлисларим билан ғойибона бўлсада таниш эдим. Чунки менинг юртимда ҳам бир миллион ўзбек яшайди. Мен улар билан бирга ишлайман, улар орасида дўстларим ҳам кўп. “Осиё” телесериали мамлакатингизда намойиш этилганини ва мухлислар уни яхши кутиб олганини менга айтишган. Очиғи, бундан жуда хурсанд бўлган эдим. Ана шундай кунларнинг бирида «SCORPION» фильми продюсеридан роль ижро этиш таклифи келиб тушди. Агентим, “нима қиламиз, ўйнайсанми” деганида, “нимага энди ўйнамаслигим керак?”-деб жавоб бердим. Мана кўриб турибсиз, бу ҳамкорлигимиз амалга ошди. Сценарий ҳам, ижодий гуруҳ, партнёрларим ҳам менга жуда ёқди. Режиссёр Мухлиса Азизова билан ҳам тез тил топишдик. Иложи борича камроқ дубль қилишга, унинг топшириқларини Мухлисанинг кўнглидагидек бажаришга ҳаракат қилдим. Бундан жуда мамнунман албатта”-деди Мурат Йилдирим фильмдаги иштироки ҳақида сўзлай туриб.

Келган журналистларнинг таъкидлашича, Мурат барчага, ҳаётда ҳам ўзи ижро этган ролларига жуда ўхшаб кетадиган, ёрқин инсон сифатида таассурот қолдирган. Ундан, «SCORPION» фильмига таклиф этилиш сабаблари, ўзбек кино ижодкорлари билан бўлган ижодий ҳамкорликдан кейинги таассуротлар, съёмка майдонидаги қизиқарли воқеалар, турк киносининг бугунги ҳолати, ўзининг кино санъатига кириб келиш тарихи ва ҳоказо саволлар сўралди. Мурат Йилдирим эса фақат ўзигагина хос бўлган босиқлик ва самимият билан барча саволларга батафсил жавоб беришга ҳаракат қилди.

Муратнинг “Ўзбек киносининг келажаги ҳақида нима дея оласиз”-деган саволга берган жавоби эса матбуот анжуманига чиройли якун ясади дейиш мумкин. У “«SCORPION» фильмида суратга тушиш жараёнида кузатган ва кўрганларимдан чиқарган хулосам шу бўлдики, режиссёр жуда ёш ва бунинг устига аёл киши. Лекин унинг съёмка майдонидаги ҳатти-ҳаракатлари, ижодий гуруҳни бошқариш маҳорати, ҳар бир ҳаракат, ҳар бир деталь устида жиддий ишлай олиш қобилияти, қўйилган мақсадни аниқ кўра олиш салоҳияти мени қойил қолдирди. Ўзбек киноси Мухлиса Азизова сингари ёш, истеъдодли, талабчан ёшлар қўлида экан, унинг келажаги буюк бўлишига ишонаман”-деди.

 

Мурат Йилдирим иштирокидаги саҳналар Бухорода суратга олинмоқда

23 март куни туркиялик супер кино юлдузи Мурат Йилдирим Мухлиса Азизованинг “SCORPION” триллерида суратга тушиш учун Ўзбекистонга етиб келган эди.

Айни кунларда машҳур актёр иштирокидаги саҳналар Бухоро вилоятида суратга олинмоқда. Шу билан бирга «Личный номер» (Россия) фильмидаги Умар Тамиев образи орқали ўзбекистонлик томошабинларга яхши таниш бўлган Вячеслав Разбегаев ҳам Бухоро вилоятида давом этаётган суратга олиш ишларида қатнашмоқда.

Шу йилнинг 28 март куни соат 11:00да Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ёшлар пресс клуби залида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Мурат Йилдирим иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур фильм Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан суратга олинмоқда.

Туркиялик супер юлдуз “SCORPION”да суратга тушади

“Осиё” сериалидаги  Демир роли билан ўзбек томошабинларига яхши таниш бўлган машҳур турк актёри Мурат Йилдирим Мухлиса Азизованинг “SCORPION” фильмида суратга тушади.

5 март куни Ёш киноижодкорлар кенгаши раиси ҳамда фильм продюсери Ойбек Абдушукуров Мурат билан Истамбул шаҳрида шартнома имзолади.

Мурат Йилдирим 1979 йилда Туркиянинг тарихий Конья шаҳрида туғилган.

“Буюк ёлғон” (2004), “Тўфон” (2006), “Осиё” (2007-2009), “Ишқ ва жазо” (2010),  “Тун қироличаси” (2016) сериалларидаги роллари билан мухлислар қалбидан жой олган. Шунингдек, актёр иштирокидаги “Адабий ишқ”, “Сукут” ва бошқа фильмлар катта шуҳрат қозонган.

Мурат 2017 йилда “Айла” номли фильмда суратга тушди.

Мурат Ўзбекистонга рафиқаси, марокашлик машҳур актриса ва модел Имане Эльбани билан бирга ташриф буюради . Имане 2008 йилда “Марокко гўзали”, кейинроқ эса “Miss Arab World” совринларини қўлга киритган. У Шарқнинг 50 нафар энг гўзал аёллари сафига киради. Туркия Президенти Режеб Таййип Эрдоған шахсан Мурат учун Иманега совчилик ҳам қилган.

“SCORPION”да Мурат Йилдирим суратга тушадиган саҳналар Бухоро вилоятида суратга олинади. Унинг айнан қайси образда чиқиши ҳозирча сир тутилмоқда.

Мазкур фильм Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан суратга олинмоқда.

Огоҳликка чорловчи фильм

Ёшларни жиноятлардан, турли иллатлардан ҳимоялаш, уларни азалий қадриятларимизга, оилага, катталарга ҳурмат, ҳалоллик, шукроналик руҳида тарбиялаш бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда. 

 

Пойтахтимизда суратга олиш жараёнлари бошланган “SCORPION” фильмида айни мавзу асосий ғояни ташкил этади. 

 

Жорий йилнинг 12 февралида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Кинематографияни ривожлантириш марказининг ёш киноижодкорларнинг ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган бадиий фильмларини суратга олиш ва кенг намойишини қўллаб-қувватлашга доир қўшма қарори қабул қилинганди. 

 

“SCORPION” фильми бу борадаги амалий ишларнинг дебочаси дейиш мумкин. 

 

Кинематографияни ривожлантириш маркази матбуот хизматидан маълум қилишларича, фильмнинг суратга олиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий гвардияси кўмагида Тошкент ва Бухоро шаҳарларида, шунингдек, Россия ва Марокаш давлатларида бўлиб ўтади. 

 

Фильм ижодий гуруҳи таркибида кўплаб хорижлик мутахассислар ҳам иштирок этмоқда. Жумладан, фильм оператори германиялик ижодкор Макс Тцуи бўлиб, у Бухоро ҳақидаги имижли видео-ролик “Welcome to Bukhara”да ҳам фильм режиссёри Мухлиса Азизова билан ҳамкорлик қилган. Картина продюсери Ойбек Абдушукуров. “SCORPION” фильми ёш режиссёр Мухлиса Азизованинг тўлиқ метражли дастлабки ижодий ишидир.

Назокат Усмонова, ЎзА